Кафега киритилмаган Бош вазир


Шанба куни Янги Зеландияда қизиқ воқеа содир бўлди. Бош вазир (аёл киши) Жасинда Ардерн қаллиғи Кларк Гейфорд билан пойтахтдаги “Olive” кафесига боради. Коронавирус юқтирмаслик учун оралиқ масофани сақлаш тартиби сабаб жой етмай қолади. Бош вазир ўзини ким эканини таништирмайди ва жуфтлик буни тўғри тушуниб кафедан чиқа бошлайди.

Бахтларига шу вақтда жой бўшайди ва ходимлар уларнинг ортидан бориб, кафега кириши мумкинлигини айтади. Уларга одатдаги мижозлардек хизмат кўрсатилади. Буни кейинроқ Бош вазирнинг қаллиғи ва кафенинг эгаси ҳам тасдиқлайди. “Мен аввалдан жой банд қилишим керак эди”, дея Бош вазирнинг қаллиғи Twitter саҳифасида ўтган ишда ўзини айбласа, кафе раҳбари уларда ҳамма мижоз тенг кўрилишини таъкидлаган.

Ижро ҳокимиятини 2017 йилнинг октябрь ойидан бери Жасинда Ардерн бошқаради. Бизда шу ҳол бўлганда нима бўларди? Cолиштиргим ҳам, ўйлангим ҳам келмади.

Зафарбек Солижонов

Комментарии