СТЭНФОРД.
1884 йилда Американинг Бостон шаҳри поезд вокзалида поезд келиб тўхтади. Ундан оддийгина кийинган эр-хотин тушишди. Улар Гарвард университети томон ишончли қадамлар билан йўл олишди. Етиб бориб секретардан бошлиқнинг қабулига киришга рухсат сўрашди. Аммо секретар мудирнинг машғуллигини, олдиндан қабулга ёзилиш кераклигини айтиб узр сўради.
Хотин: "Ҳечқиси йўқ. Кутиб турамиз", деди.
Улар бир соатларча кутиб туришди. Секретар мудирнинг ҳузурига кириб рухсат сўрашга мажбур бўлди. Уларга рухсат берилди. Эр-хотин мудирнинг хонасига киришди. Мудир уларга менсимайроқ назар солди. "Бу қишлоқилар менинг хонамга нега киришди?!"- деган хаёл ўтди миясидан.
Хотин бирдан гап бошлади:
- Жаноб мудир! Бизнинг ўғлимиз шу ерда бир йил таълим олиб сўнг автомобил ҳодисасида вафот этди. У бу ерда ўтган бир йилидан ниҳоятда хурсанд ва бахтиёр эди. Шунинг учун биз ўғлимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун бу ўқув даргоҳига хайрия бермоқчимиз.
Мудир қўполлик билан деди:
- Хоним! Биз бу ерда ўқиб вафот этган ҳар бир кишига ҳайкал қўяверсак университет ҳайкаллар ўрмонига айланиб кетади!
Аёл деди:
- Биз ўғлимизга ҳайкал қўймоқчи эмасмиз. Биз университетга ўғлимизнинг номи билан номланадиган қўшимча бино қуриб бермоқчимиз!
Мудир олдингидан баттарроқ қўполлик билан деди:
- Ўйлаб гапираяпсизми? Бу бино сизга қанчага тушишини биласизми ўзи?! Мавжуд биноларни биз етти миллион долларга қурганмиз ахир!
Хонада озгина сукунат чўмди. Мудир эр-хотинни фикридан қайтардим деб ўйлади. Шунда аёл эрига деди:
- Жаноб Стэнфорд! Модомики университет қуришга шунча маблағ етар экан, нега ўзимиз ўғлимизнинг номи билан аталадиган бошқа алоҳида университет қурмаслигимиз керак?!
Эри розилик билдириб бошини силкиди.
Эр-хотин Леланд ва Жейн Стэнфордлар Калифорнияга қайтиб ер юзидаги энг обрўли университетлардан бири бўлмиш Стэнфорд университетига асос солишди. Бино битгач Леланд Стэнфорд хотинига қараб:
- Ана энди бутун Калифорния болаларида бизнинг боламиз бўлиш имконияти бор!-деди.
Баъзи ишларга инсон қандай муносабат билдиришни билмайди гоҳо. Яхшиси бу ишларга ҳеч қандай фикр билдирмаган маъқул!
Абдулқодир Полвонов
Комментарии
Отправить комментарий