Аёл ҳоким бўлса, ҳеч кимни уриб сўкмайди дейсизлару, мана Британиянинг Ички ишлар вазири, ўзимизнинг асли осиёлик опахонимиз Прити Пател айнан шундай айбловлар остида қоляпти. Ўтган ҳафта шовшувли тарзда истеъфо берган юқори даражали мулозим Пател хонимни ўз қўли остидагиларни сўкиш, ерга уриш ва асоссиз талаблар билан қийнашда айблади. Бу айблов ортидан Би-би-си фош қилган ҳодисага кўра, Пател аввал Меҳнат вазирлигида ишлаганида бир аёлни шу қадар руҳан эзганки, у аёл ўзини ўлдириш учун дори ичиб реанимацияга тушган. Ўша куни Пател опамиз уни “башараси менга ёқмайди” деб ишдан бўшатган экан. Аёл ходим омон қолиши ортидан вазирлик ишни бости-бости қилиш учун унга 25 минг фунт берган. Яна бир айбловга кўра, у бир эркак ишчининг юзига папка отган.

Уч йил аввал Халқаро тараққиёт вазири бўлиб ишлаган даврида Пател ҳукуматдан яшириб Исроилликлар билан музокара олиб боргани учун ишдан олинганди. Ўшанда унинг сиёсий карьераси капут деб ўйлаганлар адашган экан - яқинда Борис Жонсон уни Ички ишлар вазири этиб тайинлади. Катталарга содиқлик бу ерда ҳам муҳим қадрият ҳисобланади, шекилли - Борис Жонсон ҳозир ҳам “stick with Prit”, Притнинг ёнини оламан деяпти. Ҳукумат ички суриштирувни бошлаган, лекин афтидан у сувдан қуруқ чиқадиган. Матбуот эса тишлаган жойидан қўйворгиси келмаяпти.

Ота-онаси ҳинд бўлган Прити Пателнинг кумири - Темир Леди Маргарет Тетчер. Тетчер ҳам қаттиққўл бўлган, лекин бировни ургани маълум эмас.

P.S. Бу пост аёлларга қарши пост эмас. Кириб келаётган 8-март билан!

Ибрат Сафо

Комментарии