ВАТАННИ НЕМИСЧА СЕВИШ



Уч йилдан буён оилам билан Германияда истиқомат қиламан. Шу сабабли ҳам, сариқ сочли, юзлари сепкилли, аксарияти қотмадан келган, нигоҳлари бир қарашда совуқ туюлувчи немислар ҳақида анчагина маълумотларга эга бўлдим. Бу маълумотлар кучли ҳаяжон ва гўзал таассуротларга тўла.
Бугун сизларга ватанни немисча севиш қандай экани ҳақида айтиб бермоқчиман.

Журналист бўлганим учунми, Германиядаги ҳаётимнинг илк кунлариданоқ биринчи навбатда немис оммавий ахборот воситаларини кузата бошладим. Уларда ҳаётни, воқеа-ҳодисаларни тасвирлаш мен одатланганимдан буткул ўзгача эди. Бу ерда телемухбирлар қайси ташкилот ёки корхонага боришмасин, интервьюларни, фикр-мулоҳазаларни асосан ишчи-хизматчилардан оладилар. Раҳбарлар эса жуда камдан-кам ҳолатлардагина интервью беришади, шунда ҳам уларнинг раҳбар эканини экрандаги титр орқали билиб оласиз. Чунки бу ерда катта-катта корхоналар, корпорациялар раҳбарлари ҳам оддий ишчилардан кўринишлари, кийинишлари, ўзини тутишлари билан алоҳида ажралиб турмайдилар. Уларнинг на имиджида раҳбарнамолик, на сўзларида баландпарвозлик бор. Ҳаммаси бирдек - оддий.
Немислар ватанни мақтаб эмас, асраб севишар экан. Ақллилик ва пухталик – немислар интиладиган фазилатлар шундай. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, олмон диёри ўзининг барча ер ости конларини кўмиб ташлаган. На фойдаланади, на сотади... Немислар уларни ўз авлодлари учун, буюк олмон келажаги учун асраб қўйишганини айтишади.
Мана, бир неча йиллардан буён Германия шаҳарлари узлуксиз яшиллаштирилмоқда. “Яшил ҳудуд” номини олган шаҳарлар ва вилоятларга катта миқёсдаги ёқилғи билан юрадиган транспорт воситаларининг кириши тақиқлаб қўйилган. Ҳозирда “яшил ҳудуд”ларни кенгайтириб, Германияни экологик тоза мамлакатга айлантириш учун бутун немис халқи баҳамжиҳат ҳаракат қилаётир.

«ИҚТИСОДИЙ ҲАҚОРАТ»ГА АҚЛЛИ ЖАВОБ

Дунё аҳли қандай маҳсулот харид қилмасин, дарров ўша маҳсулотнинг қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганини билиш учун “Made in ...” ёрлиғига қарайди. Чунки қайси давлат қандай маҳсулотларни қай сифатда ишлаб чиқариши кўпчиликка аён.
“Made in ...” ёрлиғи аслида илк бор XIX асрда Англия томонидан Германия маҳсулотларига нисбатангина қўлланган. Ўша даврда инглизлар Европа бозорларини тобора забт этиб бораётган немис молларининг сифат даражасини атайин паст баҳолаганлар. Одамлар сифатсиз олмон маҳсулотларини осон таниб олсинлар дея, Германиядан келтирилган молларга “Made in Germany” деган тамға босишган. Олмонлар ўша вақтларда инглизлар томонидан ўйлаб топилган бу “иқтисодий ҳақорат”га ўз молларининг сифатини (ҳатто зарарга ишлаб бўлса ҳам) янада ошириш билан жавоб қилганлар. Бу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, “Made in Germany” ёрлиғи бутун дунёда кучли сифат белгиси ҳисобланадиган бўлди. Немис халқи яқин тарихда бўлиб ўтган бу воқеани “инглизча “иқтисодий ҳақорат”га немисча ақлли жавоб”, “миллат ва юрт шаъни учун халқнинг баробар курашиш ғалабаси” дея изоҳлайди.

ЯНГИ ЛИДЕРЛАР ЯРАЛМОҚДА

Немис олимлари ва кашфиётчиларининг, шоиру ёзувчиларининг жаҳон ва Европа адабиёти, санъати, илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссалари беқиёс эканини биласиз. Эйнштейн, Бисмарк, Гутенберг, Бетховен, Бах, Моцарт, Гёте... бу рўйхатни ҳали анча давом эттириш мумкин. Лекин мен немисларнинг таниқли аждодлари билан фахрланишларини, уларнинг оламшумул ишларини мадҳ этганларини кўрмадим. Аксинча, давлат ва сиёсат янги, ёш лидерларни яратиш, танитиш, уларнинг ишларини халқ эътиборига тақдим қилиш, буюклик йўлида имкониятлар яратиб бериш билан машғул. Балки шунинг учундир, Германияда оламни лол қолдираётган, жуда катта от кучига эга, бутун бошли заводларни юритаётган роботларни яратган янги Эйнштейнлар; кесиб ташланган бармоқларни ўстираётган янги Гутенберглар етишмоқда.

ПУЛ ЎРНИГА - ВАҚТ

Германияда яшар экансиз, феъл-атворингизда тартиблиликни, аниқликни, ҳар куни қатъий режа асосида ҳаракат қилишни шакллантирмай иложингиз йўқ. Чунки немис халқи айни шу хислатлари билан дунёга таниқли. Бу ерда вақтнинг аҳамияти жуда катта. Жамиятдаги ҳамма тармоқ, восита, амал – ҳамма-ҳаммаси вақт тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Гўёки, пул ўрнига вақт тўлаб айсиз. Ҳатто транспорт тизимида ҳам секунд-секундигача аниқликка риоя қилинади. Бирор идорага бориш тугул, иш юзасидан қўнғироқ қилиш учун ҳам у ердаги ходимларнинг қайси соатда қўнғироқлаша олиши мумкинлигини аниқ билишингиз керак. Меҳмонга борадиган бўлсангиз, меҳмондорчиликнинг вақтини мезбон билан келишасиз.
Вақтга қатъий риоя қилиш, тартиблилик, ҳар ишда режа билан, масъулиятни ҳис этиб ҳаракат қилиш, аниқлик ва тезкорлик – буларнинг ҳаммаси жамият ривожи учун катта фойда келтиради ва айни замонда бутун бошли Германияни айни шу хислатлар тартибга солиб турибди.

ЧИҚИНДИ МАСАЛАСИДАГИ МАДАНИ

Бу ердаги ҳаётим давомида амин бўлдимки, Германиянинг ҳар бир фуқароси халқ олдидаги масъулиятини виждонан бажаради. Бу масъулият ва виждонлилик ҳар бир соҳада намоён. Фикримни оддий бир мисол билан изоҳлайма
Германияда чиқиндилар тўрт хил қутида сараланади. Бу ердаги ҳамма хонадонлар, кўчалар, ишхоналарда бўлгани каби, менинг уйимда ҳам тўрт хил чиқинди қутиси мавжуд. Буларнинг биттаси ортган озиқ-овқат маҳсулотлари учун; иккинчиси пластик маҳсулотлар учун; учинчиси қоғоз учун; тўртинчиси “қора чиқиндилар”, яъни бошқа учала турга тўғри келмайдиган, аралаш чиқиндилар учун.
Қолаверса, ҳар бир кўчада камида битта-иккитадан каттакон кийим қутилари мавжуд. Одамлар киймай қўйган кийимларини шу қутиларга солиб кетадилар. У кийимлар махсус тозаловдан ўтказилиб, дунёнинг қашшоқ мамлакатларига юборилади.
Виждонлилик тушунчасини қадрият даражасига кўтарган немислар ҳеч кимнинг назоратисиз, кузатув камераларисиз, жарималардан огоҳлантирувчи эълонларсиз ҳам кўчага чиқинди улоқтирмайдилар; чиқиндиларни эринмай саралайдилар; турларига мослаб ажратадилар. Буни ватан экологиясини тоза сақлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнларига ёрдам бериш, инсоний маданиятни (ҳатто чиқинди ташлаш масаласида ҳам) намоён қилиш деб тушунишади.

ПУЛ СИФАТИНИ САҚЛАШ – ДАВЛАТНИ ЗИЁНДАН САҚЛАШД

Германияда пул сифатини сақлаш маданияти ҳам юқори даражада ривожланган. Маълумки, давлатлар миллий валюталарини ишлаб чиқариш учун катта маблағ сарфлайдилар. Масалан, бир дона минг сўмлик пул ишлаб чиқариш учун икки минг ёки ундан ортиқ маблағ харажат қилинар экан. Пул муомалада қанча тез эскирса, сифатини йўқотса, давлат шунча зиён кўради. Чунки, қоидаларга кўра, яроқсиз бўлиб қолган пуллар йўқ қилиниб, муомалага янгилари киритилиши керак. Гарчи Германия дунёнинг иқтисодий жиҳатдан бақувват мамлакатлари рейтингида етакчи ўринларда турса ҳам, кўп мамлакатларнинг валютаси шу ерда тайёрланса ҳам, немислар (эскирган пулларни янгилаш учун ўз чўнтакларидан сарф қиладигандек)  пуллари сифатини жуда эҳтиётлашади. Ёнида нақд пул олиб юрадиган одамлар бу ерда камдан-кам. Лекин ўшалар ҳам пулларни махсус ҳамёнларда, букламасдан, эҳтиёт қилиб олиб юришади. Буни мамлакатни ортиқча иқтисодий зиёнлардан сақлаш деб ҳисоблашади
Мен мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида бир-иккита немислардан ватанга муҳаббат масаласидаги фикрларини сўрадим. Улар шундай жавоб қилишди:
- Ватанни мақтаб эмас, асраб севилади

Маърифат НУ
“Маърифат саодати”нинг Германиядаги доимий вакили
Ҳамбург, Германия
Суратлар муаллифи: Александр УҲР

«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 13 август сонидан олинди

Комментарии