ДЎХТИР МЕН ЎЛМАЙМАНМИ?

Касалхонага автомобил ҳалокатига учраган қизалоқни олиб келишди. Унга қон қуйиш керак эди. Бахтга қарши, унинг қони камёб гуруҳга мансуб экан. Кўп ўтмай шифохонага қизалоқнинг ота-онаси ва эгизак акаси етиб келди. Хайрият, акасининг қони унга тушар экан.

– Бу ҳаёт-мамот масаласи, ўғлим. Синглингни қутқариш учун қон беришинг керак, – деб тушунтирди дўхтир.

Болакай бир лаҳза ўйланиб турди-да, ота-онасининг олдига чопиб кетди. Уларга нималардир деди, хайрлашди, чоғи. Сўнг шифокор ҳузурига йўл олди. Қон олиб бўлингач, дўхтир унга:

– Энди бироз ётиб, дам олишинг керак. Бўлмаса бошинг айланиши мумкин, – деди.

Бу гапдан бола ҳайратга тушди. Мунчоқ кўзларини шифокорга тикиб:

– Қандай қилиб?! Мен ўлмайманми? – деб сўради.

У қон беришга рози бўлган пайти “мен ўлсам, синглим тирик қолади” деган хаёлга борган экан. Улкан юракли бу болакай синглиси учун жон беришга чиндан ҳам тайёр эди...                                             

Комментарии