Эй Лаганбардор ва Маддохлар!


Эй Лаганбардор ва Маддохлар! Миллатимнинг уятсиз ва бетсизлари! Сизларни камситиш ёки ҳақорат қилиш ниятим йўқ. Аслида эътиборга ҳам лойиқ эмассизлар. Лекин нима қилай ўзбекман, айтмасам бўлмаяпти. Бир неча кундан бери Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қахрамонлик унвони ва Нобель мукофоти билан сийлаш ҳақидаги таклифларингни тарқатиб дунёни кўз ўнгида ўзбекни шарманда қилаяпсизлар. Бировинг депутатсан, яна бировинг ўзбекнинг қайсидир амалдорисан. Нима бало, қиладиган ишларинг йўқми? Сенлар ҳукумат ва халқинг ишониб топширган ишни бажарсанг бўлмайдими, нима қиласанлар бундай бўлмағур қилиқларинг билан одамларни олдида масхара бўлиб? Кап-катта одамларсизлар, ёшларинг ҳам бир жойга бориб қолган. Бировинг чиқиб, "оооҳ Шавкат ака мастер класс кўрсатдингиз" деб жирпиллайсан, иккинчинг чиқиб Ўзбекистон Қаҳрамонини ёпиштиргинг келади, учинчинг эгилиб олиб Нобель мукофотини қистиришни истайсан. Нима бало, сенларда ор, уят ва эрлик деган нарса қолмаганми? Нима қиласанлар Президентга ҳалақт бериб? Лаганбардорлик ва маддохлик билан кўзга тушиб, каттароқ лавозимга эришаман десаларинг, адашасанлар, сенларни биринчи йўқ қилишади, буни ўзларинг ҳам сезмай қоласанлар.

Ўзбекистон Президентига ўзбек халқи ишониб бериб қўйган маъсулият ва жавобгарликдан ортиқ бу дунёда қадрли нима бор? Ўзбекистон Президентига ўз халқи ишониб бериб қўйган унвон олдида дунёнинг энг катта мукофоти ҳам бир тийинчалик қиймати йўқ эканлигини тушунмайсанларми? Ўзбек халқининг куч қудратини ва салоҳиятини бутун дунёга тан олдириш учун ҳаракат қилаётган одамга нима қиласанлар ўзларингни бўлмағур эски ялоқаликларингни кўрсатиб?

Билмадим, балки сенларнинг дунё қарашингизга кўра "жуда тўғри иш қилаяпмиз", деб ўйлаётгандирсизлар. Лекин биз дунё тан олган мустақил давлатмиз. Буни эсдан чиқарманглар. Эски совет тизимидан қолган ура-урачилик, қарсакбозлик ва лаганбардорлик бемаза ва бўлмағур кўринишга эга. Наҳотки шуни тушунмасанглар, нодонлар? Биз ўзбеклар ва Ўзбекистон давлати дунё билан ҳамнафас бўлишимиз шарт. "Ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз бор", деб ҳозирги аҳволга тиқиб қўйган сенлар эмасми? Сенларга шу етмадими ёки яна уша эски маддохбозлик ва лаганбордорлик билан яшаган ҳаётларингни қумсаб, кўргуликни истаяпсанларми, нодонлар? Балки сизлар учун ўтмишимиз ва ҳозирги ахволимиз зўр бўлиб кўринаётгандир? Балки камчиликларни айтганларни Ватан хойинига чиқариб, масхара қилиш сиз учун нормаль вазиятдир? Давлат бошлиғини чалғитиш ёки бутун дунё олдида ўзбекларни падхалим, лаганбардор-маддох қилиб кўрсатишга ҳаракат қилиш сизнинг бор билган ишингизми? Лекин бу ўзбекнинг иши эмас. Бу ўзбек миллатига қарши душманнинг иши. Ўзбекистонда яшайман. Чет элга кетиб қолиб уша томондан вайсаб ўтирган қандайдир тролль эмасман. Шу Ватаннинг, шу элнинг ва шу миллатнинг боласиман. Ватанимга ва Президентимга содиқ Ватандошман. Олий Бош Қўмондон сифатида Президент армияга чақириб қўлимга қурол берса Ўзбекистонга қарши бўлган ким бўлса пешонасидан отаман. Бунга ҳаққим бор. Қўлимдан ҳам келади.

Соғлом фикрдаги бутун ўзбеклар сендайларга қарши курашади ва курашиши шарт. Чунки, айнан сендайлар давлатни ҳам, миллатни ҳам вайрон қиладиган каззобларсизлар. Сизларни таг томирингиз билан қурутиш керак. Лаганбардор ва маддохлар билиб қўйинглар, бутун дунёга лаганбардорлик ва маддохлигингизни намоён қилиб, масхарабозлардек жар солиб, ўз қилиғингиз билан ўзбек халқини шарманда қилаяпсизлар. Эндигина иш бошлаб, халқига муносиб хизмат қилишни бошлаган Президентга Нобель мукофоти бериш керак, Қаҳрамон унвони бериш керак, деб чиққанингиз ўзбек халқини дунё ҳамжамияти олдида шарманда қилади. Шуни тушуниб етишингиз учун сизларни нима қилиш керак? . Тўғри, сизларда балки ёмон ният йўқдир, туйғуларингиз жўш уриб, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ҳозирги бўлаётган ижобий ўзгаришлардан илҳомланиб шу таклифларни қилгандирсиз. Бунга шубҳам йўқ. Лекин сиз ҳам дунёга назар солиб, халқимизга гап тегмайдиган ишни таклиф қилганингиз самаралироқ бўлар эди. Эй лаганбардор маддохлар тинчгина халққа фойдали бўлиб, сизларга ишониб топширилган лавозимда маъсулиятни аъло аражада бажараётган давлат ходими сифатида ўзингизни ишингиз билан халққа кўрсатсаларинг бўлмайдими? Нега ва кимга кераги бор Президентга ялоқалик қилиб.

Лаганбардорликни эмас ўзингизнинг ишингизни бажарсаларинг бўлмайдими? Қахрамонлик унвони ёки Нобель мукофотига таклифни давлат амалдорлари шу давлатнинг бошлиғига беришни таклиф қилса бутун бошли ўзбек миллати дунё ҳамжамияти олдида масхара бўлиб, кулгига қолади. Брежневлар, КПССчилар каби дунёга масхара бўлмайлик. Ҳар ким ўзини ишини бажарсин. Лаганбардорлик, маддохлик ва масхарабозлик қилиб, одамларни диққатини ишдан чалғитманглар. Ислохотларга ҳалақт берманглар. Шуҳрат Барлас

Комментарии