Каримовни судга берган Чўян Маматқулов тўлиқ оқланди


Суд 2005 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президентини судга берган Чўян Маматқуловни тўлиқ оқлади. Ҳуқуқ ҳимоячиси конституцион тузумга тажовуз қилиш, фирибгарлик, одам ўғрилаш ва бошқа жиноятларда айбланган эди.

18 март куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Қуролли кучларининг собиқ захирадаги офицери Чўян Маматқуловни оқлади, дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов «Газета.uz»га.

Маматқуловнинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли суд аввал унга қарши илгари сурилган барча айбловларни олиб ташлади. У одам ўғрилаш, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган. У реабилитация йўли билан оқланди ва унга қарши жиноят иши тўхтатилди.

Чўян Маматқулов (1970 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) 2000 йилда Қуролли кучлар сафида ўзига номаълум сабаблар билан ишдан бўшатилган. 2004 йилда у Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё бўлими аъзоси бўлди. 2005 йилда президент Ислом Каримовга қарши даъво очиб, уни Қуролли кучлар бош қўмондони сифатида 1996 йил 9 октябрь куни Қуролли кучлар Интизом низомини тасдиқлаганликда айблаган ва ҳарбий хизматчилар ҳуқуқлари бузилгани учун бевосита масъул эканини илгари сурган.

2012 йил 29 август куни Маматқулов қамоққа олинади. 2013 йил 8 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари билан 6 йил, 138-моддаси 1-қисми билан 1 йил, 238-моддаси 3-қисми билан 3 йил, 159-моддаси 1-қисми билан 4 йил, 244−1-моддаси 2-қисми билан 4 йил, 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан 3 йил, 228-моддаси 3-қисми билан 1 йил, 168-моддаси 2-қисми «в» банди билан 2 йил, 25,273-моддаси 2-қисми билан 5 йил, 59-моддасига мувофиқ 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2018 йил 7 мартда Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати қарори билан жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2013 йил 8 февралдаги ҳукми ўзгартирилган ва жазо муддати беш йилу икки ойга қисқартирилган.

2018 йил мартида у тайинланган жазо муддатини ўтаб бўлгани учун жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган. Шу йилнинг декабрида Олий суд ҳуқуқ ҳимоячиси бўйича ҳукмнинг ноқонунийлигини тан олди ва унинг иши апеляция судига янгидан кўриб чиқиш учун юборилди.


Комментарии