Отабек Умаров: «Коронавирусга чалинганларнинг шахсий маълумотларини тарқатганлар топилди»


Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти ва Ўзбекистон Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров коронавирусга чалинган фуқароларимизнинг шахсий маълумотларини эълон қилган кишилар топилганини маълум қилди.
#coronavirus га чалинган юртимиз фуқароларининг шахсий маълумотларини эълон қилган кишилар топилди, уларнинг шахслари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан аниқланди. Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига қараганда, ҳозирда уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда ва бу мутлақо тўғри ёндашувдир: сабаби давлат, ҳатто ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак. ⠀
ИИВ ва Бош прокуратура ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий тармоқларда аҳоли ўртасида ваҳима қўзғатадиган, асоссиз маълумотларни тарқатаётган 33 та аккаунт ҳам аниқланди. Ҳамкорлик ўрнига хиёнат нақадар пасткашлик, аммо бу ҳолатда биз бундай ҳаракатларни миллий хавфсизлигимизга тажовуз сифатида баҳолашимиз мумкин.⠀
Мен барча фуқароларни тасдиқланмаган маълумотларни эълон қилишдан ўзларини тийишга чақирмоқчиман: сиз ўзингиз истамаган ҳолда, қонунни бузиб, қоқилиб қолишингиз мумкин. Коронавирусга қарши ахборот курашига ҳисса қўшмоқчи бўлганлар учун битта илтимос бор: фақат расмий манбалардан фойдаланинг. Ушбу оғир кунларда бу жамоат тинчлигини сақлашга ёрдам беради, чунки эпидемияга қарши курашиш ва яқинларимизни қўллаб-қувватлаш учун бизга соғлом фикр, хотиржамлик ва куч керак, — деб ёзади Отабек Умаров.

Комментарии