Уйини сотган депутат эзгу мақсадда бошқа мулкларини ҳам сотувга қўйди



2020 йил 6 апрель куни ЎзА сайтида “Одамларга ёрдам бериш учун депутат уйини сотди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Эсингизда бўлса, мақола “Кун қаҳрамонининг сурати йўқ, унинг исми-шарифини ҳам бир амаллаб аниқладик”, деган сўзлар билан бошланган эди.

Мақолада ҳозирги синовли кунларда одамларга беғараз ёрдам бериш учун ўз уйини сотган Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи тадбиркор, туман кенгаши депутати Абдуллажон Исоқов ҳақида сўз юритган эдик.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу мақола  энг кўп ўқилган, қолаверса, ижтимоий тармоқларда кўплаб олқишларга сазовор бўлган катта воқеликка айланди. Бу ҳақда ҳатто хорижий интернет саҳифаларида ҳам ЎзАга асосланиб материаллар эълон қилинди.

Савоб иш, эзгу амалдан минг-минглаб одамларнинг кўнгли ёришди. Айниқса, депутатнинг камтарлиги, ўзини кўз-кўз қилишни асло истамагани кўпчиликни ҳайратга солди. Бу воқеага шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди, албатта.

Халқаро пресс-клуб ижодкорлари ҳам ушбу воқеага эътибор қаратиб, ҳатто қаҳармонимизни қидириб Олтиариққа ҳам боришди.

Бугун “Ўзбекистон-24” телеканали орқали эфирга узатилган “Халқаро пресс-клуб”нинг масофадан тайёрланган сонида Абдуллажон Исоқов эксклюзив интервью ҳам берди.

— Ота-боболаримиз илмли, катта одамлар бўлишган, – дейди А.Исоқов. – Шундай тарбия кўрганмизки, қўшнинг оч бўлса, сен тўқ ўтиришинг нотўғри, деган гаплар қулоғимизга қуйилиб қолган. Шунинг учун ҳозирги оғир кунда кўп одамларнинг ёрдамга муҳтожлигини ўйлаб, каттароқ хайрия ишларига қўл урдик. Тўғриси, ўзим яшаётган уйнимас, ўғлимга деб қуриб қўйган уйни сотганман. Аввало, Оллоҳдан сўраймиз, юртимизга келган бало тезроқ кетсин. Шу бало кўтарилгунча қўлимдан келганча одамларга ёрдам бераман. Шу мақсадда яна бир-иккита нарсаларим бор сотишга қўйилган. Синовли кунларда юртдошларимизнинг, Президентимизнинг ёнида турсак, бу синовни тезроқ енгамиз.

 ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
"ОДИЛ АҲМЕДОВ ҚАЁҚҚА ҚАРАЯПТИ?"

Маълум бўлишича, қаҳрамонимиз
хайрия қилиш учун сотган уйини тахминан 500 миллион сўмга сотган. Бу маблағни у асосан кундалик рўзғорда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиб, аҳолига тарқатмоқда.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бизга маълум қилишича, қаҳрамонимиз ҳожи ота бўлиб, хайрия ишларини, савобли амалларни олдин ҳам доим бажариб келган.

Айримлар шундай саховатпеша инсоннинг сурати кўрсатинг, исмини зарҳал ҳарфлар билан ёзинг, деган фикрларни ҳам билдирган эди. Бу холис ниятлар амалга ошди. Абдуллажон Исоқовни билганлар бизга унинг суратларини ҳам юборган эди, мана бугун телеэкрандан яна бир сурат олишга муваффақ бўлдик.

Эзгулик шундай, унинг қаноти бор. Бу шундай қанотки, у жуда баланд учади, бу шундай қанотки, кўрган одамнинг кўнглини ёриштириб юборади. Биз мана шундай эзгуликлар билан бошимизга тушган синовни албатта енгамиз.
ЎзА

Комментарии