ХАВОТИРЛИ СИГНАЛ


Туркиядаги элчимиз Алишер Аъзамхўжаев ўтган йили яхши гапни айтган эди. У чет эллик сармоядорларни Ўзбекистонга инвестиция киритишдан тўсаётган шундай муаммолардан бири – бу қонун устуворлигининг йўқлиги, жойларда ҳар бир иш маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига боғлиқ бўлиб қолганлигидадир, дея маҳаллий раҳбарларнинг катта-катта ваъдалари ҳақида гапирган эди.

"Яқинда ҳокимият вакилларидан бири келди. Бир корхона раҳбарининг олдига олиб бордик. Жудаям бақувват одам. Мен уни икки ой “Ўзбекистондан зўри йўқ, Ўзбекистон сенинг ватанинг бўлади, у ерда уй сотиб оласан, шу корхонани ўша ерда қурмасак бўлмайди”, деб жуда ишонтирганман. Тадбиркор тайёр, пишиб турибди.

Бирданига у ҳоким бува ўтирдилар-да, “мен сизга сўз бераман, бирорта прокурор, бирорта мелиса, бирорта судья, ҳеч ким сизга тегажоғлиқ қилмайди. Мен ўзим гарантман. Келасиз, корхонангизни очасиз, ишлаймиз”, деди. Тадбиркор менга қараб, “шу кунгача мен иштиёқ билан Ўзбекистон ҳақида ўйлаб юрган эдим, энди бормайман”, дейди. “Нимага?”, деб сўрасак, “ҳамма нарса битта одам билан ҳал бўладиган бўлса, мен нима қиламан бунақа жойни”, деди". Иқтибос Kun.uz сайтидан.

Элчимиз шу мисолларни келтириб, “Амалдор ҳам атайлаб айтгани йўқ, чунки бизда бу табиий ҳол”, деб хулоса қилади.

Қашқадарёлик “Султан текс” хусусий корхонаси раҳбари Нурбек Эргашев давлат раҳбарига мурожаат қилиб, маҳаллий бўғиндаги раҳбарлар тазйиқидан ҳимоя қилишни сўрабди. Унинг мурожаатини томоша қилиб, элчимизнинг гаплари ёдимизга келди.
_______________________
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР:
АҲОЛИГА ШОШИЛИНЧ ЁРДАМ КЕРАК
_______________________
Бизда шунақа. Бир ҳоким кетса, унинг даврида ишлаган тадбиркорларга ҳам синов даври бошланади. Тадбиркорни қонун, суд ҳимоя қилмаслигини, бизнесмен ҳоким протекторати бўлмаса, на банк кредит беришини, на бюрократия эшиклари очилишини ҳам яхши билади. “Шу опамга шу поччам” дейишармиди. Шуни билган тадбиркор ҳам ҳамма қатори иш тутади. Судга мурожаат қилмайди. Судга, узун занжирли бюрократияга ишонмайди, энг мақбул йўл — тўғридан-тўғри мурожаат қилиш, деб билади.

Мурожаат, албатта, бир томоннинг овози, фикру далили. Эрта-индин иккинчи томон ҳам ўз фикрини, контраргументларини келтиради. Балки тадбиркор ноҳақ ҳам бўлар. Чунки бунақа системада кимни ковласанг, нимадир топилади.

Биз қурмоқчи бўлган орзудаги Ўзбекистонда бундай бўлмаслиги керак деб ёзали davletovuz телеграм канали.
"Орзудаги Ўзбекистонда тадбиркор Youtube’да мурожаат қилиб, дардини тўкиб солмаслиги, балки судга бориб, ўзини ҳимоя қилиши, суд эса мингта ҳоким ўзгарса ҳам, манаман амалдор ўртага тушса ҳам, чинакамига мустақил институт сифатида қонуннинг, адолатнинг ҳимоясида бўлади. Масалан, Америкада ҳеч бир тадбиркор штат губернаторидан ҳимоя қилишни сўраб Дональд Трампга мурожаат қилмайди. Бизга ҳам шундай жамият керак.

Бу инцидент нега дилни дилни оғритади? Унда қандайдир хавотир учун сигнал бор. Чунки мамлакатда “валюта ислоҳотидан кам бўлмаган” аграр ислоҳотлар бошланган. Видеомурожаатдаги айрим деталлар ушбу тарихий ҳужжат ижрочиларига саволларимизни кўпайтириб, хавотирларни туғдирмоқда." 

Комментарии