ТУНУ КУН ИШЛАШ ҲАҚИДА
Қулоғимизга тез-тез туну кун ишлаётган ташкилот вакиллари ҳақидаги жуда баландпарвоз гаплар чалиниб туради. Бу, айниқса, ОАВда роса урф бўлган. Фалончи соҳа вакиллари туну кун жавлон уриб меҳнат қилмоқда. Шунчалик чучмал жумлаларки, зиғир ёғдай бадга уради.
Хўш, энди айтинг қани, Ўзбекистонда қайси соҳа вакили туну кун ишламайди? Деҳқон ухламасдан, даласига қарайди, сув қуяди, экин кечикмасин дейди.
Ё бозорчилар туну кун ишламайдими? Каллаи саҳарлаб бозорга, дўконига чопади, ярим кечалари билан товар олиб келади. Югуради, елади. Ё шифокор туну кун ишламайдими? Кечаси билан сену менинг жоним оғримасин деб жони ҳалак. Укол қилади, операция қилади.
Меҳнат муҳожирларими? Оиласи оч қолмасин деб туну кун ишлаш майли, қандай хўрликларга чидаб юрганини билмаймизми?
Банкирлар-чи? Эрта тонгу ярим кеча ўтказиладиган мажлислардан, ҳисобот топширишлардан хабаримиз йўқми? Камига кредитни ундираман деб уйма-уй ҳам юришади.
Ким туну кун ишламайди? Журналистларми? Твда 24 соат эфир бор. Газетачилар ЎзА итоги деган жумланинг азобини жуда яхши билишади. Сайтлар туну кун ахборот чиқаради, кўзи кўр бўлиб ишлайди. Олим ё ўқитувчи ётиб олиб пул топадими? Уларга имтиёз борми ўзи?
Ё аппарат, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, ҳокимликлар туну кун ишламайдими? Уларнинг оиласи, қариндош-уруғи, тўйу азаси йўқми?
Лекин айрим соҳа вакиллари туну кун ишлаймиз деб кўкрагига уради. Алоҳида устунлигим, шохим бор деб ўйлайди. Акаси, шунга яраша имтиёзинг ҳам бор. Текин кийим-бош, текин овқатинг, текин даволанишларинг, керак бўлса, бюджетдан, яъни халқ пулидан олиб бериладиган уйинг бор. Элдан бурун пенсияга чиқиб кетасан. Бизнинг булардан хабаримиз йўқ деб ўйлайсизми?
Аввало, ҳар ким касбини ўзи танлайди. Биров мажбурлаб олиб келмайди. Шу соҳа вакилимисан оғирига ҳам, енгилига ҳам чидайсан. Бу сенга қонунда белгиланганидан ортиқ ҳеч бир имтиёз, одамни хўрлаш, уриш, сўкиш ҳуқуқини бермайди.
ОАВ вакилларидан илтимос қилардимки, бирор соҳа вакили ҳақида бунақа чилдирма чалишни бас қилиш керак. Ўзбекистонда ҳамма туну кун ишлайди.
Адҳам Арслонов
Комментарии
Отправить комментарий