Биз бу вирусдан қоча олмаймиз дўстлар
Америкалик машҳур доктор Меҳмет Ўз фейсбукда коронавирусни жуда тушунарли қилиб таърифлади.
“Аввало шуни таъкидлашим керак! Бу вирусдан қутулиш йўқ, ўртоқлар. Унга ҳар биримиз истисносиз чалинамиз. Лекин қанчалик кеч юқтирсак шунча яхши. Буни сўзим охирида изоҳлайман. Айнан ГРИПП вируси билан бўлгани каби, келгуси йилларда бу вирус билан яшашни ўрганамиз. Ишонинг, бу аниқ! Ҳозир жорий қилинаётган карантин, таътил ва бошқа чоралар вируснинг тарқаш шиддатини сусайтириш, тиббиётнинг ночор ҳолатга тушишининг олдини олишга қаратилган.
Вирус тез тарқаган тақдирда касалхоналарнинг жонлантириш бўлимлари чорасиз қолади ва ноилож Италияда бўлаётганидек қайси бемор тузалиши ва қайси бири вафот этиши кераклигини ҳал қилишдек даҳшатли вазият юзага келади.
Вируслар дегани аслида қотил, шайтоний бир душман эмаслар. Улар ҳам аслида худди биздек ўз қобиғида яшовчи мавжудотлардир. Одатда ҳайвондан одамга юқадилар ва ҳайвонни нобуд қилмайдилар. Чунки ҳаётларини давом эттириш учун ўзлари ҳам тирик организмга муҳтождирлар. Асрлардан бери ҳайвон организмида яшашга кўникканлар.
Хўш? Нега унда биз ўлмоқдамиз? Чунки вирус билан бир-биримизни яхши танимаймиз. Вирус ҳали ҳамон ўзини ҳайвон танасида деб ўйламоқда. Ўзи ўрнашган янги муҳитнинг шароитини ҳали билмайди. Маълум муддат ўтиб, бизда унга қарши иммунитет шаклланади ва вирус ҳам давомли яшаш учун мутацияга учрайди. Шу зайлда бирга яшашга кўникамиз.
Масалан, herpes labialis номли вирусни эшитганмисиз? Бу дунёда энг кўп тарқалган вирус бўлиб, ўла ўлгунча организмда яшайди. Бу вирус нима қилади, дейсизми? Лабимизга учуқ тоширади. Шу холос. Одамни ўлдирмайди. Чунки одам ўлса у ҳам ўлади.
ГРИПП вируси ҳам деярли шунақа. Ўлдириш хавфи 0.1 фоиз атрофида ва одатда сурункали касаллиги бўлганларни нобуд қилади. Дунё бўйича йилига ярим миллиард одам ГРИППга чалинади. Шунингдек, одамзод билан яшашга кўниккан тонна вирус мавжуд. Коронавирус билан ҳам яшашга одатланамиз.
Индаллоси шуки, айтганимдек, ҳаммамиз бу вирусга чалинамиз. Ҳатто кўпчилик чалиниб ҳам улгурган-у, ҳали ўзи билмайди. Тузалиб ҳам бўлгандир. Организми вирус билан яшашга аллақачон кўниккан ёки вирус у танада ҳаёт тополмай бошқа танага ўтган. Бу мавзуда энг яхши мисол Даймонд Принцесс кемаси. Ундаги 3700 йўловчидан 700 тасида вирус аниқланган. Аммо шулардан 350 нафари касаллигини сезмаган ҳам. Ёши кексалигига қарамай ётоққа тушмай яшамоқда.
Нега бундай? Чунки ўша 350 кишининг иммунитети жуда кучли. Яъни бу касалликда энг муҳим жиҳат бу иммунитет. Орамизда иммун тизими кучли бўлганлар, спорт билан шуғулланганлар, тўғри овқатланганлар, чекмайдиганлар бу касалликни умуман сезмайдилар. Балки енгил шамоллаш каби ўтказиб яшайверадилар.
Нима қилиш керак? Аввало тана қуввати. Спорт ва ҳаракат. Кейин овқатланиш. Хусусан, мева сабзавотлар, саримсоқ, қатиқ, кўк чой ва ҳоказо. С витаминига бой табиий маҳсулотлар. Шулар ёрдамида пандемия давридан эсон омон ўтиш мумкин. Чунки юқоридаги тавсиялар айнан иммунитетнинг кучайишига хизмат қилади.
Хуллас ўша гап, вирус билан яшашга одатланинг. Кегуси йиллар, балки ойлар ё ҳафталар ичида мутацияга учрайди, ёки баттар ваҳшийлашади. Иккинчи эҳтимол жуда паст,чунки бу вируснинг ўзига ҳам зарар. Катта эҳтимол билан вирус одамга мослашади. Вакцинаси топилганда ҳам ҳар гал вирус мутацияга учраганда вакцина ўз таъсирини йўқотаверади. Худди ГРИПП вакциналари ҳам шундай. Бизни фақат аввалги йилларда юққан ГРИПП вирусларидан ҳимоялайди, янгиларидан эмас. Яъни тўлиқ ҳимоя қилолмайди. Доимий тўлиқ ҳимоя эса иммун тизимимиздир.
Мутация деганимиз эса наслга алоқадор бўлиб вируслар тез кўпайиб тез ўлганликлари сабабли, одамларда йиллар талаб қиладиган насл алмашуви уларда бир неча соатдан иборат. Улар жуда тез мутацияга киришадилар. Вақт ўтгани сайин вирус мутация натижасида юққан одамини нобуд қилмайдиган ҳолга келади. Демак, бу вирусга қанчалик кеч дуч келсак, унинг зарари шунча кам бўлади.
Ҳа, ҳеч кимни четлаб ўтмайдиган бу вирус билан қанча кеч учрашсак шунча омадли бўламиз. Шунинг учун, имкон қадар уйдан чиқмай, гигиенага риоя қилиб, тўғри овқатланиш, бадантарбия қилиш ва карантин қоидаларига қатъий амал қилиш керак! Шуни бажарганлар, ишонинг, ҳаммадан узоқ яшайдилар!
Хулоса:
1. Карантинга киринг! Вирусни қанча кеч учратсангиз шунча омадлисиз!
2. Гигиена. Тозаликка қатъий риоя қилинг.
3. Мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг.
4. Иммунитетни кўтарувчи саримсоқ, қатиқ, йогурт каби маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг.
5. Иммунитетни мустаҳкамловчи витамин ва қўшимча моддалар қабул қилинг.
6. Серҳаракат бўлинг ва уйда спорт билан шуғулланинг
7. Чекманг!
8. Сув истеъмолини кўпайтиринг.”
Турк тилидан Ҳамза Жумаев таржимаси
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР:
Комментарии
Отправить комментарий