Бенжамин Франклин ҲУШТАК
Азиз дўстим, чоршанба ва шанба куни йўллаган бир жуфт мактубингизни олдим. Бугун яна чоршанба. Аввалгисига жавоб ёзмаганим учун мактуб олишдан маҳрум бўлдим. Бироқ, гарчи ялқов бўлсам-да ва мактуб битишни хуш кўрмасам-да, агар ўзим жавоб ёзмасам, бошқа ҳеч қачон Сизнинг дилкаш битигингизни ўқий олмаслигим юзасидан чексиз хавотир қўлимга қалам тутишга мажбур этди. Шу боис жаноб Б. эртага Сизни йўқлаб бориш ниятида экани тўғрисида илтифот ила маълум қилганида ҳам бу чоршанбани аввалгилари каби Сизнинг дилкаш даврангизда эмас, Сиз ҳақингизда ўй суриб ўтказишга: Сизга мактуб битиш, номаларингизни қайта-қайта ўқиб чиқишга аҳд қилдим.
Сизнинг жаннат ва у ердаги ҳаёт тўғрисидаги таърифингиз мени мафтун этди. Жаннатга бу оламдан имкон қадар ҳамма яхши нарсаларни олиб ўтишимиз кераклиги тўғрисидаги хулосангизни бағоят маъқуллайман.
Фикримча, агар ҳуштаклар учун ҳаддан ортиқ ҳақ тўламаганимизда эди, ҳозиргидан кўра кўпроқ нарсаларга эга бўлишимиз, ёвузликдан камроқ азоб чекишимиз мумкин эди. Чунки биз дуч келадиган бахтсиз одамлар, менимча, ана шу эҳтиётсизлик туфайли саодатни бой берганлар.
Нимани назарда тутаяпти, деб сўрарсиз? Сиз ҳикояларни ёқтирасиз. Шу боис ўзим тўғримдаги бир ҳикояни сўзлаб бермоқчиман. Ва бунинг учун мени маъзур тутгайсиз.
Ёшим еттида эди. Байрамларнинг бирида ўртоқларим менга бир ҳовуч чақа совға қилишди. Мен ўша заҳоти ўйинчоқлар дўконига равона бўлдим. Йўлда кетаётганимда бир боланинг қўлидаги ҳуштакнинг садоси ҳушимни ўғирлади ва дўконга кириб бор пулимга ҳуштак сотиб олдим. Кейин уйга қайтдим-да, севинчим ичимга сиғмай қулоқни қоматга келтириб ҳуштак чала бошладим.
Бундан уйдагиларнинг аччиғи чиқса-да, мен жуда сармаст эдим. Акаларим, опаларим, амакиваччаларим ҳуштакнинг баҳосини суриштириб билгач, уни ўз нархидан тўрт баравар қимматга сотиб олганимни, қолган пулга қандай яхши нарсалар сотиб олишим мумкинлигини айтиб, устимдан роса кулишди. Хўрлигим келиб йиғлаб юбордим. Ҳуштак туфайли чеккан бу изтиробим, у келтирган қувонч ва лаззатдан зиёдроқ эди.
Хотирамга муҳрланиб қолган бу воқеа кейинчалик менга асқотди. Бирор кераксиз буюмни сотиб олиш васвасасига учраганимда, ўзимга: “Ҳуштак учун ҳаддан ортиқ ҳақ тўлама”, — дейман-у, пулимни тежаб қоламан.
Вояга етиб катта ҳаёт йўлига қадам қўйганимдан кейин одамларнинг хатти-ҳаракатларини кузата бошладим. Шунда ҳуштаги жуда қимматга тушаётган кўплаб одамларни учратдим.
Қирол саройидаги қабулда иштирок этиш шарафига нойил бўлиш йўлида ўзининг қимматли вақтини, фароғатини, эркини, марҳаматини ва эҳтимол, ёр-дўстларини қурбон қилаётган ўта иззатталаб одамни кўрганимда ўз-ўзимга: “Бу кишининг ҳуштаги жуда қимматга тушди-да”, — деб қўярдим.
Шон-шуҳратга ҳаддан зиёд муккасидан кетган, доимий равишда сиёсий югур-югурлар билан овора бўлган ва эътиборсизлиги оқибатида касб-корини ўлда-жўлда қолдирган кимсани кўрганимда эса: “Чиндан ҳам унинг ҳуштаги жуда қимматга тушди”, — деб қўяр эдим.
Ҳар қандай ҳузур-ҳаловатдан, ўзгаларга яхшилик қилишдан, ҳамсоя ҳурмат-иззати, эътиборидан ва чин дўстлик қувончларидан воз кечиб, пул тўплашни ихтиёр қилган, ўтакетган хасис одамни кўрганимда: “Eй, бахтиқаро! Сенинг ҳуштагинг нақадар қимматга тушди-я”, — дердим.
Ҳиссий лаззат, кайфу сафо йўлида ақлини қурбон қилган ва саломатлигига путур етказган шаҳватпарастни учратганимда, дердим: “Сен адашаяпсан, наздингда лаззатдек туюлаётган нарса аслида бир дарддир. Ҳуштагинг жуда қимматга тушаяпти!”
Ўзига оро бериб, гўзал либосларга, чиройли уйлару жиҳозларга, фойтунларга меҳр қўйган, аммо уларга эришиш учун қўли калталик қилиши оқибатида қарзга ботган ва умрини турмада ниҳоялаганларни кўрганимда: “У ҳуштак учун катта, жуда катта тўлов тўлади”, — дердим.
_____________________
ЎХШАШ МАВЗУЛАР: ТУНУ КУН ИШЛАШ ҲАҚИДА
_____________________
Хулласи калом, мен инсон бошига ёғилгувчи кулфатларнинг кўп қисми одамлар нарсаларнинг қимматини тўғри баҳолай олмасликларидан келиб чиқади ва уларнинг ҳуштаги жуда қимматга тушади деб ҳисоблайман.
Аммо ҳар ҳолда бундай бахтиқароликларга шафқатли бўлишимиз лозим. Ҳолбуки, бундай ўйлаб қарасам, ғурурланишга арзигулик ақл-фаросатим борлигига қарамай, мен учун ҳам қирол Жоннинг олмалари каби йўлдан оздирувчи нарсалар бор. Хайриятки, уларни сотиб олиб бўлмайди. Борди-ю, улар кимошди савдосига қўйилганда мен бир лаҳзада бор-йўғимдан айрилишим ва яна бир марта ҳуштак учун ҳаддан зиёд тўлаб юборганимни пайқамай қолишим мумкин бўлур эди.
Кўришгунча хайр, менинг азиз дўстим.
Камоли эҳтиром ила содиқ қулингиздан деб билурсиз.
Комментарии
Отправить комментарий