ХАТОНИ ЎЗИНГИЗДАН ҚИДИРИНГ



Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон24 каналига интервъю бериб, “Шундай кичик қатлам бор. Хотини билан уришиб қолса ҳам, кўчада иши юришмаса ҳам санъаткорлардан аламини оладиганлар бор. Бунинг сабаби нимада? Санаткорлар шунга лойиқ иш қилдими дейдиган бўлсак, у ҳолда нима учун шифокорлар калтакланди? Шунинг учун санъаткорларнинг ўзи шунга лойиқ деган фикрдан йироқман. Мен санъаткорларни ҳимоя қиламан” дебди.

Юқоридаги фикрга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Лекин келинг бир оз орқага қайтамиз, аниқроғи 2000-2004 йилларга, эслайсизми ўзбек эстрадаси учун ҳақиқий уйғониш даври бўлган, “Muvad video” ташкилотчилигидаги “Замин юлдузлари” фестивали, “Tarona Records” бошчилигидаги “Тарона” тақдимоти чиқишларини эсланг. Севара Назархон, Шахзода, Райхон, Лола, Самандар, “Сетора”, “Саҳар”, “Жаҳонгир.уз”, “Шарқоний ёз”, “Фаёд”, “Зеро”, “Фазо”, “Байрам”, “Жоним”, “Божалар”, “Анор”, “Квартет” гуруҳлари, Шохрух, Шаҳриёрларни эсланг. Уларни катта саҳналарда чиқишларини эсланг. Сўнг нима бўлди, ҳамма ёппасига ўзини тўй-маросимларга “ура” бошлади, бир ҳонандани бир кунда 4-5-7 марталаб “бирровга” юришлари бошланди. Шунчалар семиришдики, бутун диққат-эътибор тўйларга, вазиятдан фойдаланишга, фақат пул қилишга қаратила бошланди, на сўз, на матн, на мусиқа, на ижод қолди. Ҳеч кимга шоир, бастакор ёрдами керак бўлмай қолди. Эндиликда улар турк, тожик, туркман, эрон тилларидан тўйбоб мусиқаларни кўчириб, қирқиб-қиртичлаб тўй-маросимларга мослай бошлашди. Натижада нима бўлди, тобора шишиб бораётган пуфак ёрилди, халқни бирдан кўнгли айниди, совуди, ишонмай қўйди. Ҳозир эса ана шу тўйлар ҳам йўқ. Ўзбек эстрада шоу-бизнеси эса кинорежиссёр Сарвар Каримов айтгандек худди кино индустриямизга ўхшаб чуқур кома ҳолатига тушди. Яқинда шоу-бизнес ичида юрадиган бир танишим айтиб қолди, санаткорларга умуман тўй йўқ, одамлар чақирмай қўйишди, йиғлаб юришибди, дейди.

Қиссадан ҳисса шуки, бу ерда халқни заррача алоқаси йўқ, хатони ўзингиздан қидиринг, ўзингиз пиширган ошни энди ўзингиз енг, кам сонли одамни узоқ муддат алдаб юрса бўлар, лекин бутун халқни бутун муддат алдаб бўлмайди…
Лазизбек Ҳамидов

Комментарии