ХОТИРАЛАР


Мен ёшлигимни яхши эслайман. Отам ёшликларини айтиб берсалар-ку, умуман эртак каби туюлади.

Ёшлигимдаги хотираларим шундай:

Рамазон келиши билан маҳалла болалари қий-чув қилиб масжидга чопар эдик. Ўша ерда катталардан гап эшитиб, ўйнаб юрардик.

Маҳалламиз Имомига таровиҳ орасидаги санони айтиб бериб, ўқишга рухсат олардик. Домламиз хатоларини тузатиб, "фотиҳа" берардилар. Намоз орасида Домла бошини имламасидан аввал шариллатиб ўқиб кетар эдим. Болалар ичида талаш эди. Ким қаттиқроқ ўқиса, ўшаники чиройли эди. )

Рамазон келиши билан гала-гала бўлиб "Рамазон айтиб келдим эшигингизга, Худойим ўғил берсин бешигингизга. Ўчоқда кул...", Хуллас, рамазон айтиб, пул ишлардик.

Мен учун "фиқҳий узр" бор эди. Рўзани икки бўлиб тутар эдим. Тушлик маҳал оғизни очиб, қайта ёпиб олардим. Кейинчалик у узр фақатгина мен учун ўйлаб топилганидан хабар топиб, роса машмаша қилганман.

У вақтларда қорилар танқис бўлар эди. Маҳалла масжидларини сони кўп бўлгани сабаб, "автомат" қорилар келарди масжидимизга. Беш кунлик, бир ҳафталик хатмоналар бўлар эди. Қорилар саҳарликгача Қуръон ўқир, биз эса гоҳ намоз ўқиб, гоҳ уҳлаб, гоҳ ўйнаб юрардик.

Саҳарликдан кейин маҳалла аёллари кўчаларни шипириб, сувларни сепиб қўярди. Бомдодга масжидга чиққанимизда ўзгача бир ифор тараларди. Ерни ҳидига турли-хил хушбўй ҳидлар аралашиб кетиб, тоза ҳаводан баҳраманд бўлиб, отамни қўлларидан тутиб масжидга бориб келар эдим.

Ифтор маҳалга яқин кўпинча отам билан Чорсуга борар эдим. Чап-чап нон, ҳолва, нишолда, хурмо ва газвода олиб уйга қайтардик. Вақт ўтказишгами, билмадим, отам узоқ юрар эдилар.

Тез-тез қариндошлар билан ифтор уюштириб турилар эди. Бобомиз, Фарзандлар, набиралар, эваралар қийрашардик. Ҳақиқий байрам бўлиб кетар эди. Энг камида ўттиздан ошиқ одам йиғиларди.

Мен учун рамазон байрам эди ва йиллар ўтса ҳам шундай бўлиб қолди. Катталарга ўхшашим учун фурсат эди гўё. Катталар каби бўламан, деб улар каби ҳеч нима емай-ичмай ўзимни кўрсатар эдим.

Мана шу хотираларим сабаб рамазонни янада яхши кўраман. Рамазон болалигимни бир қисми. Ширин хотираларим ва йиллар давомида ёшликдаги шижоат, беғуборлик, оддийлик ва самимийликни йўқотган мен каби инсонга аслимга қайтиш учун бир неъмат.

Барчага рамазон муборак бўлсин!

Саййид Ислом

Комментарии