Видеодарслар
Расмда таълимга оид энг яхши видеодарслар — Хан Академияси. Тригонометриядан видеодарс. Давомийлиги 6 дақиқадан сал ортиқ. Youtube тармоғига жойланганига бир ҳафта бўлган. Видеони кўрганлар сони 13 та (бу натижа — биров деярли кўрмади, дегани).
Бу расмда ҳар ким ҳар хил таърифлайдиган, кимгадир бачкана, ким учундир фақат белдан пастини гапириб кулдирадиган, яна ким учундир супер жамоа бўлиб кўринган (албатта, ҳамманинг фикри ҳар хил) "Браво" концерти. Давомийлиги сал кам икки соат. Youtube тармоғига жойланганига икки кун бўлган. Видеони кўрганлар сони 4,9 миллиондан ортиқ. Бу умумий ўзбекистонликларнинг қарийб 15 фоизи, дегани (жойланганига 1 йил бўлмасдан 20-25 миллионлаб кўрилган видеолар бор).
Биз видеодарс қилишни, видеодарс билан таълим беришни ўйлаганимизда иккита асосий сабаб ўйлантирганди. Биринчидан, бизда интернет трафик нархлари қиммат. Иккинчидан, интернет тезлиги жуда паст. Шу икки сабаб видеодарслар фойда бермаслиги, вақт ва меҳнат кетгани қолади, ўқувчига бу қийинчилик туғдириши мумкин, деб ўйлагандик.
Ҳозир ўйлаб қолдим. "Браво" бўладими ёки "Миллион" концерти (ёки шунга ўхшаш бошқа видеолар) одамлар миллионлаб кўряпти-ку. Албатта, уларнинг камида 50 фоиздан кўпроғи ёшлардир. Демак, видеолар орқали таълим олишга трафик қимматлиги, интернет тезлиги пастлиги таъсир қилмаса керак. Ҳар ҳолда одамлар миллионлаб кўряпти. Шунчаки, таълимдан кўра, бу каби нарсаларга қизиқиш ортиб кетган. Аслида, илмга қизиқиши бор, иштиёқи бор одам трафикни ёки интернетни баҳона қилиб ўтирмайди, ўрганишга имкон излайди ва ўрганади.
Бошқа давлатларнинг видеодарслари миллионлаб кўрилади. Бизда-чи? Бунинг акси. Молияни битириб карра-каррани билмайдиганлар ҳам бизда, сув билан ош тузининг формуласини фарқлай олмайдиган магистр химик ҳам бизда...
P.S.: Бу билан "Браво" ёки шунга ўхшаш видеоларни, концертларни кўрмаслик керак, демоқчи ҳам, буни танқид қилмоқчи ҳам, бунга қарши чиқиб, буни кўрмасдан, таълимга оид видеоларни кўриш керак, демоқчи ҳам эмасман. Асло! Кўравериш керак. Лекин таълимни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Фойдали видеодарслардан билим ўрганиб қўйиш керак. Ортиқча билим тешиб чиқмайди.
Кўп нарсани одамнинг ўзи, унинг қизиқиши, унинг ҳаракати ва иштиёқи ҳал қилиб беради.
Бу ёзилганларнинг барчаси ИМҲО, албатта.
Равшан Мелиқўзиев
Комментарии
Отправить комментарий