Коронавирусдан чиқиш ҳақида
Дания ва Норвегия сингари давлатлар болалар боғчаси ва мактабларни очиш ҳақида қарорга қандай келишди, ахир уларда ҳар куни вирус юқтирган янги беморлар аниқланмоқда, деб сўрашмоқда.
Тўғри савол, масалан, Данияда кеча 280та, Норвегияда 221 та янги ҳолат аниқланган. Мактаб ва боғчалар очилса, оҳисталик билан чекловларни бекор қилишни бошлашса, яна эпидемия кучайиб кетишидан қўрқишмайдими улар?
Қўрқишмайди. Нега?
Чунки ҳаммаси ҳисоб-китоб ва юқорида Фарҳод ёзганидек асосий омиллар инобатга олинган моделлаштириш ва коронавирус билан боғлиқ барча эҳтимолий йўқотишларни тан олиш устига қурилган.
Яъни, юз бериши мумкин бўлган йўқотишларни имкон қадар минимумга келтириб, буёғига коронавирус хавфи билан яшашга мажбур эканликлари онгли равишда қабул қилинмоқда.
Бу вазифани биринчидан, эпидемия максимал чўққисини кесмасдан, экспонента ўсишни бартараф этмай амалга ошириб бўлмайди. Масалан, Норвегия бир вақтнинг ўзида 5-6 мингдан ортиқ касал бўлмаслигига эришди, кунлик янги касалланиш ва кунлик даволанганлар сонини тенглаштирилиша олди. Ҳозирги биздаги карантиннинг устувор вазифаси ҳам шу - вазиятни барқарорлаштириш. Чунки бир вақтнинг ўзида минглаб янги касалланишни ҳеч бир замонавий медицина қабул қила олмайди. Карантиннинг шу энг муҳим босқичидан чиқиш нафақат медицинанинг, фуқароларнинг ақли ва масъулиятига боғлиқ. Норвеглар эплай олишди, биз ҳам эплай олишимиз зарур.
Иккинчидан, уларда аҳолини максимал даражада тестлаштириш йўлга қўйилди. Нафақат риск гуруҳлар, барчани тестлаштиришаяпти, тушунаяпсизми? Анализ олинмаган фуқарони кўчага қўйиб юбориб бўлмайди, тест олингач, вирус чиқмаган фуқарони эса маълум чекловлар билан ишлашга, ўқишга рухсат берса бўлади. Албатта вақти-вақти билан яна қайта тест олиш тизими жорий этилиши керак. Бизда бу борада вазият қандай? Мен билмайман. Чунки кунига икки маҳал янги касаллар ва уларнинг сони бўйича қуп-қуруқ статистикадан бўлак ҳеч нима йўқ. Давлат ташкилотлари ходимларидан тест олинаётгани ҳақидаги айрим сиздиргиларни эшитаяпмиз холос. Бошқа риск гуруҳидагилар - карантиндагилар, кучишлатарлар, ишда қолаётган банкирлар, чакана савдо, дорихона, курьерлар кабилардан тест олинаяптими? Олинаётган бўлса, кунига қанча? Ва қачон асосий риск гуруҳларини тўлиқ қамраш даражасига етамиз?
Учинчидан, бу давлатлар яқин кунларда, ҳафталарда нима қилишмоқчилигини, қанчалик оғир гаплар бўлса ҳам, ўз фуқароларига очиқ айтиб келаяпти. Масалан, А планимиз бор, нимадир нотўғри кетса, захирада Б планимиз бор каби. Қуруқ гаплар ва ваъдалар билан умидлантириш эмас бу. Айрим давлатлар карантиндан кейин пенсия ёшидагиларни ишлашларига рухсат бермоқчи эмас. Айримлар эса коронавирусдан мажбурий суғуртани йўлга қўймоқчи, чунки давлат бюджети бундай оғир юкламани бир ўзи кўтара олмайди. Корнавирусдан кейинги ҳаёт тарзини ташкил этиш учун таклиф этилаётган чекловларни халқ ва давлат биргаликда қабул қилиши керак. Халқ ва давлат ўртасида консенсус бор жойда эса машаққатлар осон қабул қилинади ва ечилади.
Отабек Бакиров(@the_bakiroo)
Комментарии
Отправить комментарий