"Одил Аҳмедов қаёққа қараяпти?"
Илк бор шу гапни эшитганимда кулиб юборганман. Одил Аҳмедов президентми? Масъул арбобми? Йўқ, аслида Одил Аҳмедов ҳеч ким. Сиз, мен ва ўша гапни гапирган инсонга ўхшаган бир инсон.
Куни кеча эса Одил Аҳмедов ўрнига санъаткорлар тушди. "Отарчилар нимага эҳсон қилмайди?". Ўйлаб қолдим, отарчилар нима учун эҳсон қилиши керак? Улар шуни мажбуриятини олганмиди? Тўйга чақирганида "5000$ оламан, бошингизга бир кор-ҳол келса қайтараман", деганмиди? Ўз тили билан "Яхши кунларингизда хизматдамиз", деган. Яхши кунларингда бирга бўлди. Бошқа нима қилсин яна? Балки, биз билмаган ҳолатда кимгадир ваъда қилгандир, эҳтимол. Балки, шу учун ёрдам кутаётгандир. Ёки қўни-қўшни, қариндош-уруғни куйдириш учун оний орзу-ҳавасни деб берган беш минг долларини эслаб ачишиб кетиб, энди ўша пулини аччиғида аламини санъаткорлардан оляптими?!
Шахсан мен отарчилардан бир нима кутмайман. Чунки уларни аниқ баҳосини ўзим учун биламан. Бир тийин бермаган ҳам, олмайман ҳам.
Энг кўп танқид қилинадиган соҳа вакиллари - футболчилар эди. Одил Аҳмедов эҳсон қилган эди ҳамма "овв, баракалла", деди. Отабек Шукуровни кўпчилик танимаса ҳам футболчиларни мақташ бошланди. Кечагина "Миллион" жамоасидаги бир масхарабозни ҳазили сабаб Миржалол Қосимовни устидан кулиб, бир нимадан олиб, бир нимага солганлар 75 000 000 (етмиш беш миллион) берганини эшитиб, мақташга тушиб кетишди.
Шу вақтгача кўп эътибор берганман. Жамиятда футболчи ва отарчилар энг кўп танқидга учрайди. Ҳамма истаганича танқид қилади. Истаганича мазах қилади. Нимага? Нимага? Чунки жамиятда энг ҳимоясиз қатлам - Отарчилар ва футболчилардир. Истаган санъаткорингни сўкишинг мумкин. Жазо йўқ. Таҳдид йўқ. Кечаси эшикни тақиллатиб "ака, бир минутга", деб олиб кетиб, ўн беш сутка йўқ бўлиб қолиш йўқ. Истаган футболчини онасидан, отасидан, уруғ-аймоғидан сўкиш, ҳақоратлаш мумкин. Бирор жазо йўқ. Маскаликлар келиб босиб кетиши йўқ. Бемалол.
Жамиятдаги адолатсизликлар, порахўрликлар, зулмлар аламини футболчилар ва отарчилардан олинади. Ойлигини вақтида олмаган ишчи Райҳонни саҳифасига кириб, маза қилиб сўкади. Хоромидан олиб, хоромига солинган, рўмолини ечиб оғизга тиқиб қўядиган, тикиб қўядиган амалдордан гапни эшитган, ҳуқуқи топталган одам Одил Аҳмедовдан бор аламини олади. Бувасини пенсиясини вақтида олмагани, фарзандини боғчага жойлай олмаётган маҳалда қўшниси соққасини бериб, боласини боғчага жойлаганини кўрган одам, яхшироқ мактабда ўқитиш ниятида боласини мактабга олиб борса, "ставкани" эшитиб, қўлтиғидан тарвузи тушган одам, аёлига янги кўйлак олиб беришга имкони етмай, икки соат минғир-синғирини эшитган одам аламини кимдан олади? Мунисадан олади, Шаҳзодадан олади, Озоддан олади. Чидай олмаганидан "Одил Аҳмедов қаёққа қараяпти?", дейди.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР:
✍️ ХАТОНИ ЎЗИНГИЗДАН ҚИДИРИНГ
✍️ ҚУРТ
Мен шу вақтгача кўрмадим "Нимага Иноятов миллиардларни ўғирласа ҳам бир тийин эҳсон қилмади?", "Нимага Парпиев шунча йил халқни пулини еб битирса ҳам бир тийин бермаяпти?", "Нимага Туркия президенти 7 ойлик пулини берганда, бизни президент 3 ойлик пулини бермаяпти?", деган одамларни кўрмадим.
"Давлат шунча йил "Отангман", деб уқтириб келди. Шунча йил ишондик, ишладик, солиқ тўладик. Шунча йил нефт сотди, газ сотди, олтин сотди, пахта тердирди, косам оқармай "отам" учун ишладим. Энди фарзандлар қийин ҳолатда қолди. Оталик қил. Светни ҳеч йўқ шу кунларда бепул қил. Газни бепул қил. Карантинда давлатлар халқига пул тўлаяпти. Одамлардан йиғилган эҳсон пулларини ўз номингдан берма. Оталик қил. Кўрсат меҳрингни", деган одамни учратмадим.
Айблаш учун топган одамимиз ўзимизга ўхшаган ночор, иложсиз, уни устига ҳимоясиз бир одамлар.
Ўлчов бузилган.
Саййид Ислом
Комментарии
Отправить комментарий